КОРПОРАТИВ БОШҚАРУВ КОДЕКСИНИНГ ҚАБУЛ ҚИЛИНИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ БЎЛИБ ЎТДИ

Дата публикации: Mar 02, 2016 8:3:39 PM

2016 йил 23 февраль куни Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказида Корпоратив бошқарув кодексининг қабул қилиниши муносбати билан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси ва Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази томонидан ташкил этилган Халқаро конференция бўлиб ўтди.

Мазкур конференцияда:

республика ва хорижий давлатларда корпоратив бошқарувни такомиллаштиришнинг замонавий тенденциялари;

жамиятнинг бошқарув органи, акциядорлар ва жамиятнинг меҳнат жамоаси манфаатлари уйғунлигига эришган ҳолда, акциядорлик жамиятини бошқариш самарадорлигини оширишга йўналтирилган корпоратив бошқарув Кодексининг асосий йўналишлари ва қоидалари;

корпоратив бошқарув соҳасидаги халқаро стандартлар ва меъёрларни акциядорлик жамиятлари фаолиятига жорий қилишни жадаллаштириш бўйича амалий тавсиялар ва вазифалари тушунтирилди ҳамда муҳокама қилинди.

Тадбирда 100 дан ортиқ иштирокчилар, шу жумладан Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, БМТнинг тараққиёт Дастури, Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари, Европа менежмент ва технологиялар мактаби ва “Индекон” (Германия) компаниясининг халқаро экспертлари ҳамда акциядорлик компаниялар ва қўшма корхоналарнинг раҳбарлари иштирок этдилар.

Конференцияда, бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот уюштирилди ва унда акциядорлик жамиятлари самарадорлигини ошириш, акциядорлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга, уларнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган Қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонларининг амалиётдаги ижроси ҳамда ушбу соҳадаги долзарб муаммолар ва масалалар муҳокама қилинди.

Конференциянинг ялпи йиғилишида Европа менежмент ва технологиялар мактаби, “Индекон” (Германия) компаниясининг вакиллари, вазирлик ва идоралар, шунингдек қўшма корхоналарнинг раҳбарлари сўзга чиқдилар.

Сўзга чиққанлар ўз маърузаларида, глобал иқтисодиётда юз бераётган жараёнларни чуқур таҳлил қилиш асосида, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов томонидан барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва мамлакатни келажакда ривожланиши учун мустаҳкам иқтисодий асосни яратиш бўйича туб таркибий ислоҳотларни амалга ошириш юзасидан муҳим қарорлар ишлаб чиқилиб, қабул қилинганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4720-сонли Фармони, 2015–2019 йилларга мўлжалланган иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш Дастурининг муҳим таркибий қисми бўлиб, унда корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган асосий йўналишлар белгилаб берилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур Фармон талаблари асосида Акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш комиссияси томонидан Корпоратив бошқарув кодекси тасдиқланган бўлиб, унда корпоратив бошқарувнинг илғор услубларини жорий қилиш, шу жумладан:

узоқ муддатли истиқболда ривожланиш стратегияси ва вазифалари, ички назорат тизимлари ва ижро органининг акциядорлар ҳамда инвесторлар билан ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмларини белгилаш;

акциядорлик жамиятлари фаолиятининг кўлами, тармоқ хусусиятлари ва йўналишларини инобатга олган ҳолда, намунавий ташкилий тузилмани жорий қилиш;

акциядорлик жамиятлари фаолиятининг очиқлигини ошириш, улар томонидан халқаро стандартлар асосида аудит ва молиявий ҳисобот ахборотини чоп этиш кўзда тутилган.

Конференция иштирокчилари таъкидлаганларидек, Ўзбекистонда корпоратив бошқарув тизимидаги тамойил ва ёндашувларини тубдан ўзгартириш, ишлаб чиқариш, ташқи ииқтисодий алоқалар ва инвестиция жараёнларига корпоратив менежментнинг халқаро замонавий стандартларини жорий қилиш, бошқарувнинг эскича услублари ўрнига янги корпоратив ташкилотларни шакллантириш бўйича фаол ишлар амалга оширилмоқда.

Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни ва менежерларни жалб қилиш, уларни корпоратив бошқарув тизими, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уни ташқи бозорларга чиқариш жараёнларида фаол иштирок этишлари учун қулай шароитлар яратиш ҳамда акциядорлик жамиятларининг устав капиталидаги давлат активлари ва улушларини қисқартириш орқали давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 21 декабрдаги “Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2454-сон қарорига мувофиқ, акциядорлик жамиятларининг устав капиталида хорижий инвесторнинг улуши 15 фоиздан кам бўлмаслиги белгиланди.

Конференция иштирокчилари маърузалар ва чиқишларни тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш юзасидан қуйидаги асосий йўналишлар ва тавсияларни қайд этишди:

Жамиятнинг бошқарув органлари, акциядорлари ва меҳнат жамоаси манфаатлари уйғунлигига эришиш мақсадида, корпоратив бошқарув кодексининг тавсияларини қабул қилиш;

молиявий барқарорликни сақлаш, меҳнат унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларини ошириш, энергия самарадорлигига эришиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ишларини амалга ошириш орқали акция қийматини ошишига эришиш каби мақсадларни акциядорлик жамиятининг стратегик мақсадлари сифатида белгилаш;

кузатув кенгаши таркибига мустақил аъзоларни киритиш, бизнес жараёнлар ва лойиҳаларнинг жамиятни ривожлантириш мақсадларига мослигини таҳлил қилиш ҳамда акциядорларнинг, шу жумладан миноритар акциядорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфааларини ҳимоя қилишни асосий мақсад қилиб белгилашни назарда тутувчи самарали ички назорат тизимини жорий қилиш;

манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар юзага келганда, улар бўйича низолар келиб чиқишини олдини олиш ва бахсли ҳолатларни бартараф этишдаги ҳаракатлар тўғрисида низом ишлаб чиқиш;

мунозарали ҳолатларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича кузатув кенгаши қошида жамиятнинг бошқарув оарганлари, ходимлари ҳамда жалб этилган экспертлардан иборат қўмита ташкил қилиш;

акциядорлик жамиятининг аудит ва молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида чоп этишга ўтиш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш;

акциядорлик жамиятлари фаолияти шаффофлигини таъминлаш мақсадида ахборот сиёсати тўғрисида низом ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

хорижий амалиётда муваффақиятли синовдан ўтган бошқарув услублари, жумладан SWOТ, GAP таҳлили ва бошқа турли ёндашувлар ҳамда махсус дастурий таъминотларни кенг қўллаш;

акциядорлик жамиятлари раҳбарларини ўқув курслари ва семинарларда иштирокини таъминлаш орқали уларнинг малкасини ошириш.

Конференция якунида иштирокчилар томонидан ишлаб чиқилган корпоратив бошқарув Кодекси, корпоратив бошқарувнинг энг илғор халқаро тажрибаларини ўзида жам этганлиги ва республикадаги акциядорлик жамиятларида қўллаш учун мослаштирилганлиги ҳамда ўтказилган мазкур тадбир корпоратив бошқарув соҳасидаги билим ва кўникмалар даражасини янада оширишга хизмат қилиши тўғрисида якдил фикрлар билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси Матбуот хизмати