Тараққиёт пойдевори

Дата публикации: Aug 10, 2017 4:24:50 PM

2017 йилнинг 27 июнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бу йилги байрам “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури асосида амалга оширилади. Қарорда ушбу Дастурни 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг маъно-мазмунидан келиб чиққан ҳолда тайёрлаш белгиланган.

Хўш, ана шу бешта устувор йўналиш айнан нималардан иборат? Бу ерда уларни санаб ўтишни ўринли деб ҳисоблаймиз:

Б и р и н ч и йўналиш. Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш.

И к к и н ч и йўналиш. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш.

У ч и н ч и йўналиш. Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш.

Т ў р т и н ч и йўналиш. Ижтимоий соҳани ривожлантириш.

Б е ш и н ч и йўналиш. Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат олиб бориш.

Мустақиллик тарихини айнан мазкур йўналишларда нималар қилинганини ўрганиш бўйича ёритиш ҳам мумкин. Ана шунда масала янада ойдинлашади.

Хўш, мустақилликнинг 26 йиллигига бағишланган дастурни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури маъно-мазмунидан келиб чиққан ҳолда тайёрлаш деганда нима тушунилади? Бу саволга жавоб бериш учун гапни сал узоқроқдан бошлашга тўғри келади.

2016 йилнинг 25 сентябридан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг интернет тармоғида электрон қабулхонаси ташкил этилди. Халқ билан мулоқот сиёсати амалда шу кундан бошланди.

Ўтган йилнинг 4 декабрь куни демократик қадриятлар асосида халқ Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлади. Ўз-ўзидан, мамлакатимиз тарихида янги бир босқич бошланди.

Сайловолди тарғиботи маҳали туман ва шаҳарларимиз, жумладан, Тошкент кўчаларида Ўзбекис­тон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сурати остига: “Истиқболни бирга қурамиз”, – деган сўзлар ёзиб қўйилди.

Ўтган йилнинг 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” деб номланган маърузасида 2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланди.

Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган қўшма мажлисидаги нутқи матбуотда “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган сарлавҳа билан босилди.

Келтирилган ана шу ҳаракатлар ўртасида изчил мантиқий боғлиқлик бор. Улар замирида халқ ва давлат бирлиги кўзда тутилган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси ҳам фаолият юритяпти. Барча идора ва ташкилотлар, маҳаллий ҳокимиятларнинг шундай қабулхоналари ташкил этилди.

Халқ билан мулоқот ҳаётдаги муаммоларни ойдинлаштиради. Одамлар инсофсиз эмаски, ҳамма масала ечимини давлатдан кутаверса. Аммо шундай нарсалар борки, уни фақат ва фақат давлат идоралари амалга оширади ёхуд халқ бундай муаммони яккаш давлат билан биргаликдагина ечади.

Мустақилликнинг 26 йиллигини нишонлашга бағишланган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурида, жумладан, “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган тамойилга асосан мамлакатимизни модернизация қилиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, парламент ва сиёсий партияларнинг ролини, давлат бошқаруви тизимининг сифати ва самарасини янада ошириш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш орқали давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишларни атрофлича ёритиш кўрсатилган.

Бу борада мамлакатимиз ўтган йиллар мобайнида тамоман ўзига хос тарихий йўлни босиб ўтди. Бу ишларни ким амалга оширди? Албатта, давлатимиз раҳнамолигида мард ва олижаноб халқимиз амалга оширди. Бундан буён ҳам тараққиётимиз айнан ана шу давлат ва халқнинг жипслигига таянади. Бусиз ҳеч бир мамлакат ўз олдига қўйган эзгу мақсадларга эришган эмас.

Яна бир тамойил юқоридаги билан чамбарчас боғланиб кетади. Бу – “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил.

Ўтган 26 йил мобайнида халқимиз ўз миллий давлатини қурди. Давлат қуриш эса халқ ва мамлакат тарихида жуда мураккаб ва ўта муҳим босқич ҳисобланади.

Хусусан, қарийб бир ярим аср мобайнида мустамлака исканжасида яшашга мажбур этилган халқ учун бу қанчалар оғир кечишини бир кўз олдимизга келтирайлик.

Биринчидан, халқ сиёсий жиҳатдан ҳуқуқларидан тамоман маҳрум қилиб ташланди. У ҳамма масалада собиқ марказдан сўраш, унинг қошу қовоғига қараб иш кўришга мажбур этилди.

Иккинчидан, иқтисодий жиҳатдан республикамиз бир ёқлама ривожланган, асосан, пахта хомашёси етказиб беришга мослаштирилган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган бир ўлкага айланиб қолган эди. Чунки иқтисодиётнинг “олтин” қоидаси шуки, ҳеч қачон хомашё сотган бой бўлмайди. Ўзбекистонимизда ўша йиллари етиштирилган 5 миллион тоннадан ортиқ пахтанинг атиги 8 – 10 фоизигина ўзимизда қайта ишланган, қолган қисми олиб кетилган ва асосий фойда тайёр хомашёни қайта ишлаган бегона ҳудудларга келиб тушган.

Вазиятни тўла-тўкис кўз олдимизга келтириш учун Ислом Каримов томонидан 1990 йил 4 июнида қайд этиб ўтилган мана бу маълумотларга диққат қилайлик:

“...Республика барча асосий иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича Иттифоқдаги ўртача даражадан ҳам анча орқада бўлиб, мамлакатда охирги ўринлардан бирида турибди. ...Ҳар киши бошига ялпи ижтимоий маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича мамлакатда 12-ўринда турибди, аҳоли жон бошига миллий даромад ишлаб чиқариш бўйича кўрсаткич эса – Иттифоқдаги ўртача даражадан икки ҳисса паст.

Саноатдаги меҳнат унумдорлиги жиҳатидан республика мамлакатдан 40 фоиз, қишлоқ хўжалигидаги меҳнат унумдорлиги жиҳатидан эса икки баробар орқада қолмоқда. Республикада аҳоли жон бошига халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ўртача Иттифоқ даражасининг атиги 40 фоизини ташкил этади. Биз даромад даражаси, асосий турдаги маҳсулотларни истеъмол қилиш жиҳатидан иттифоқдош республикалар орасида энг охирги ўринлардан бирида турибмиз.

Ўзбекистон аҳолиси ўрта ҳисобда гўшт маҳсулотларини, сут ва сут маҳсулотларини, тухумни, умуман, мамлакат аҳолисига нисбатан икки баробар кам истеъмол қилмоқда. Ойига ўрта ҳисобда 75 сўмдан камроқ ялпи даромад оладиган аҳолининг улуши мамлакатда 12 фоиздан сал кўпроқ бўлса, бизнинг республикамизда 45 фоизга боради”.

Учинчидан, халқнинг миллий маънавиятига болта урилди. Республикада аҳолининг тўртдан уч қисмини ўзбеклар ташкил этиши, қардош миллатлар вакилларидан иборат яна 15 фоиз аҳоли ўзбек тилини яхши билишига қарамай, ўзбек тили Ўзбекистонда давлат тили эмас эди. Шўро даврида миллат аввал арабий, кейин лотин, ундан сўнг эса кирилл ёзуви асосидаги алифболарда савод чиқаришга мажбур қилинди. Мақсад – халқни ўз ўзанларидан маҳрум этиш, меросидан айириб қўйиш, шу тариқа унга тарихини унуттириш эди. Муқаддас динимиз бадном қилинди, у билан боғлиқ барча қадриятларимиз, зиёратгоҳ ва қадамжойларимиз топталди. Ҳолбуки, ҳар бир халқ ўз тарихий илдизларига суянган ҳолда равнақ топади. Мустақиллик йилларида бу тўла-тўкис тасдиғини топди.

Халқ онг-тафаккури, дунёқарашининг ўзгаргани – мустақиллик йилларида эришган энг катта бойлигимиз. Бундан буён ҳам: “Маънавият – энг таъсирчан ва қудратли қуролимиз”, – деган ғоя шиоримиз бўлади.

Башарият тарихи шундан гувоҳлик берадики, ҳеч бир мамлакат ўзи ёлғиз ҳолда тараққий этган эмас. Чунки мураккаб дунёнинг кўпдан-кўп муаммолари айнан ҳамкорликда, оғзибирликда, дўстона тарзда ҳал этилади. Шу жиҳатдан қараганда, Ўзбекистонимиз хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш орқали давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, қўшниларимиз билан рақобат қилиш эмас, балки ҳамкорлик қилиш, минтақамиздаги муаммоларни биргаликда ҳал этиш тамойилига қатъий амал қилинади.

Очиғини айтганда, Марказий Осиё минтақаси масалалари бўйича бугун дунё – аввало, Ўзбекистон билан ҳисоблашишга мажбур. Қўшниларимиз билан яқин дўстона муносабатлар эса, биринчидан, бизнинг миллий манфаатларимизга тўла мос келади, иккинчидан, буни халқаро майдондаги обрў-эътиборимиз ҳам талаб қилади.

Мустақилликни мустаҳкамлаш, уни ҳимоя қилиш ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, чегараларимиз дахлсизлигини асраш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини кучайтириш, жаҳон миқёсида рақобат, қарама-қаршилик тобора бешафқат тус олаётган, радикализм, терроризм, экстремизм, “оммавий маданият” каби таҳдидлар кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, сафарбарлигимизни янада ошириш – бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилаётган энг муҳим ва долзарб вазифамиз эканини ҳаммамиз теран англашимиз даркор.

Инсон учун она Ватанидан азизроқ макон йўқ бу дунёда. Чунки ер юзида Ўзбекистонимиз – якка-ю ягона. Биз у билан ҳар қанча фахр-ифтихор қилсак ҳам – кам. Бунга унинг бой ўтмиши ҳам, равнақ топаётган бугуни ҳам, порлоқ келажаги ҳам тўла асос беради