Тинчлик ва осойишталик — энг улуғ неъмат

Дата публикации: Sep 14, 2017 5:28:55 PM

Ўтган 26 йиллик даврда Ўзбекистон Республикаси суверен давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидан ўзининг муносиб ўрнини эгаллади. Ана шу тарихан қисқа бир даврда жуда катта ва мураккаб, шу билан бирга, шарафли йўл босиб ўтилди. Мустақиллик Ватанимиз тарихида мутлақо янги саҳифа очди.

Даврлар ўтгани сари мустақиллигимиз тарихини ўрганиш, бу улуғ неъматга қандай эришганимиз моҳиятига етиш, истиқлолимиз қадрини чуқур англашнинг аҳамияти тобора ортиб бораверади.

Тараққиётга эришиш учун эса кўпдан кўп қатъият ва қадриятларга қатъий амал қилиш зарур. Бағрикенглик, инсонпарварлик хислатларини шакллантириш, миллатлараро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барча фуқароларга, миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликлар бериш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш аввалбошдан Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келяпти.

Хабарингиз бор, “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинган ва бу йилги байрам “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури асосида амалга ошириляпти.

Газетамизнинг олдинги сонларида чоп этилган мақолаларимизда тўрт устувор йўналишлар бўйича фикр юритган эдик.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида” шу йилнинг 7 февралида қабул қилинган Фармонида бешинчи устувор йўналиш мана бундай тарзда белгиланган: “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш”.

Пухта-пишиқ баён этилган бу вазифаларнинг бари бир-бирига боғлиқ, бири иккинчисини талаб этадиган, давлат ва халқ учун ўта муҳим аҳамиятга эга йўналишлар ҳисобланади.

Энди Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ана шу бешинчи устувор йўналиш билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида тилга олинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мус­тақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори 2-бандида белгиланган вазифалардан бирининг мазмун-моҳиятини ўзаро солиштирайлик: “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш орқали давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, қўшниларимиз билан рақобат қилиш эмас, балки ҳамкорлик қилиш, минтақамиздаги муаммоларни биргаликда ҳал этиш тамойилига асосан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш”.

Бу ердаги энг муҳим масала шундан иборатки, мамлакатимиз ҳамиша қўшниларимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш, яшаб турган минтақамиз бўлмиш Марказий Осиё муаммоларини биргаликда ҳал этиш йўлини танлаган.

Узоққа бормай, биргина мисол келтирамиз. Мана, куни кеча Самарқандда “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фес­тивали тантанали равишда очилди. Ана шу очилиш маросими концерт дастурида яқин қўшниларимиз санъаткорлари ҳам, шунингдек, дунёнинг бошқа давлатлари вакиллари ҳам чиқишлар қилишди. Бу бизнинг бирлигимиз, якдиллигимиз, дўстлигимиз, бағрикенглигимиздан далолат беради. Бу бизга шараф олиб келади.

Мустақиллик тарихига Ҳаракатлар стратегиясининг айнан ана шу бешинчи устувор йўналиши бўйича нималар қилинганини аниқлаштириш асосида ёндашсак, мамлакатимизда бу борада мисли кўрилмаган ютуқларга эришаётганимиз ойдинлашади.

Мустақилликнинг илк пайтларидан эътиборан Ўзбекистон Республикаси сиёсатида миллатлараро тенглик ва тотувлик ғояси мустаҳкамланди. Кўп ўтмай бу умуминсоний тамойил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тегишли моддаларида қатъий қилиб қайд этилди.

“Муқаддима”сидаёқ Асосий Қонунимиз “республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб”, “фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида” қабул қилинаётгани айтилган.

8-моддада: “Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, – дейилади.

Демак, Конституция қабул қилган кундан эътиборан ўзбек сиёсатшунослиги ҳуқуқий терминологиясида “халқ” ва “миллат” сўзлари ўзаро маънодош бўлмай қолди. Чунки Конституцияда “халқ” деганда мамлакатнинг бутун аҳолиси, “миллат” деганда эса бу ерда яшайдиган 136 миллатдан бири тушунилади.

Мамлакатимизда барча миллат ва элат вакилларига бир хил ҳуқуқ ва эркинликлар берилган. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида ўқиймиз:

“Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Имтиёзлар фақат қонун билан белгилаб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт”.

Демак, фуқаронинг қайси миллатга мансублиги унинг ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қила олмайди.

Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида кўп асрлар мобайнида ўзбеклар билан бирга, бошқа миллат ва элат вакиллари яшаб келган. Байналмилаллик бизнинг қонимизда бор. Мамлакатимиздаги айрим этник қавмларнинг кўпи, масалан, Бухоро яҳудийлари, лўлилар, эронийлар (уларнинг бир қисми форс, бир қисми эса озарбойжон тилида сўзлашади) юртимизга қачон келгани, яъни бу ерда қайси асрдан бери яшаётганини ҳам аниқ билмайди. Уларнинг Ватани – Ўзбекистон.

Ҳозир мамлакатимизда 7 тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида умумий таълим мактаблари мавжуд. Энг муҳими, шу мактаблар учун дарслик ва қўлланмалар мамлакатимизнинг ўзида тайёрланиб, чоп этилади.

Ўзбек мактабларида она тили, рус тили ва бир хорижий (жами уч) тил, рус мактабларида она тили, давлат тили ва бир хорижий (жами уч) тил, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман мактабларида эса она тили, давлат тили, рус тили ва бир хорижий (жами тўрт) тил ўқитилади.

Тил ўрганиш амалда кишининг онг-тафаккурини ўстиради, унинг ахборот олиш имкониятини кенгайтиради, фикрлашда қиёслаш кўникмаларини пайдо қилади, шакллантиради.

Мамлакатимизда ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ ва инглиз тилларида матбуот нашрлари мавжуд.

Йигирма беш йилдан сал ошиқроқ давр мобайнида Республика байналмилал маданият маркази атрофида турли миллий маданий марказлар уюшган ҳолда фаолият олиб борди. Бу марказлар ўз миллатларининг тили, маданияти, урф-одатлари, анъаналарини сақлаб қолиши, янада ривожлантириши бўйича фаол иш юритяпти. Умумхалқ байрамларини нишонлашга бағишланган катта-кичик тантаналарнинг деярли ҳеч бири мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакилларининг куй, қўшиқ ва рақсларисиз ўтмайди.

Ўзбекистонда ўзига хос бир миллий менталитет юзага келган, десак, муболаға бўлмайди. Чунки, ўз-ўзидан, миллат миллатга, маданият маданиятга таъсир ўтказади, улар бир-биридан акс таъсир олади ҳам. Шу тариқа ҳар бир миллий маданият амалда миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигидан иборат бўлиб боради.

Бугунги ўзбек маданиятини, шарқона ва ғарбона маданиятлар уйғунлигидан иборат, деб ҳисоблашга тўла ҳақлимиз. ўарб маданиятининг ижобий жиҳатларини ўзлаштириш – фақат ютуқ. Аммо ўарбда демократиянинг суиистеъмол қилиниши оқибатида юзага келган “оммавий маданият”нинг кириб келишидан эҳтиёт бўлиш керак.

Шу йилнинг 24 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони асосида Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан маданий марказларнинг бир гуруҳ фаоллари мукофотланди. Давлатимиз раҳбари Ватанимизнинг юксак мукофотларини тантанали равишда топширди.

19 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра, Республика байналмилал маданият маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Республика байналмилал маданият маркази, 138 та миллий маданий марказ, шунингдек, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, 34 та дўстлик жамияти фаолияти ўзаро бирлаштирилди.

Шу тариқа бу қўмита миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга йўналтирилган ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминловчи бош­қарув органи мақомига эга бўлди.

Мамлакат тараққиёти бугун бевосита 32 миллиондан ортиқ кишининг саъй-ҳаракатига боғлиқ. Шундай экан, Ўзбекистонимиздаги барча миллатлар вакиллари – ҳамюртларимиз, жондош-қондошларимиз. Шунинг учун, миллатимиздан қатъи назар, шу Ватан тақдирига барчамиз бирдек масъулмиз. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов алоҳида шиор тарзида ўртага ташлаганидек: “Шу азиз Ватан – барчамизники!”

Дарҳақиқат, Ҳаракатлар стратегияси асосида бешинчи устувор йўналиш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳар қандай кишини мамнун этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 15 августда қабул қилинган “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойишда муайян маънода ҳозиргача амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиб олинди.

Жумладан, унда миллатлараро тотувликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш соҳасидаги энг муҳим ишлар ҳам тилга олинган. Унда юқорида айтиб ўтилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилгани, Европа Иттифоқи ва 21 та хорижий мамлакат билан савдо-иқтисодий, инвестиция, технология ва молиявий-техник соҳаларда 22 та “йўл харита”лари тасдиқлангани айтилган.

Ҳаракатлар стратегияси белгиланганидан буён Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” (10.04), юқорида тилга олиб ўтилган “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” (19.05), “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” (01.06) Фармонлари қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” (23.05), “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” (21.06) Қарорлари чиқди.

Тарихан олганда, бир давлатнинг давлат, бир мамлакатнинг мамлакат, бир халқ­нинг халқ бўлиб бирикуви осон кечадиган жараён эмас. Ўзбекистон Республикаси – шу ҳудудда тарихан шаклланган, дунёда ўз ўрнини топишга эришган тамоман янги давлат. Биз миллий давлат қурдик. Турли миллат ва элатлардан иборат аҳоли бир сиёсий бирлик – Ўзбекистон Республикаси халқи сифатида шаклланди.

Мамлакатнинг манфаати ҳар биримизнинг манфаатимиз, халқнинг ютуғи ҳар биримизнинг ютуғимиз, ҳаммага яхши бўлса, албатта, менга ҳам яхши бўлади, кўпга берсин, кўп қатори менга ҳам берсин, деган тушунча ва қарашларнинг одамлар қалби ва онг-тафаккуридан мустаҳкам ўрин олишига бирданига эришиб бўлмайди.

Биздаги аҳиллик, тинчлик-хотиржамлик руҳини мамлакатимизга турли сабаблар билан ташриф буюраётган хорижликларни ҳам хушнуд этади, албатта.

Ўн йиллар муқаддам тунда Самарқанддан Тошкентга таксида келдик. Шерикларимиздан бири хорижлик савдогар йигит экан.

– Мен, –деди у, – ўз мамлакатимда ярим кечаси бегона машинада бир шаҳардан иккинчисига бормайман. Чунки манзилимга хотиржам етиб боришимга кафолат йўқ. Юртингиздаги бу тинчлик-осойиш­таликнинг, бу аҳилликнинг қадрига етинглар...

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида: “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир”, – деб ёзиб қўйилган экан, давлат – халқнинг фикрини эшитишга, қатъий инобатга олишга, яъни ўз фаолиятини фуқароларнинг талаби асосида йўлга қўйишга мажбур.

Масаланинг бундан ҳам муҳим бир жиҳати бор. Бу – давлат ҳокимият идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириши билан боғлиқ. “Адолат – қонун устуворлигида”, – деган ҳаётий тамойилга қатъий амал қилишга шу тариқа эришилади. Кўриниб турибдики, жамоатчилик бевосита давлат ва жамият бош­қарувига аралашиши керак.

Мамлакатимизда шу тариқа давлат ва халқ ўртасидаги чамбарчас боғлиқликни кучайтириш даври бошланди. Мустақилликнинг 26 йиллигини нишонлашга бағишланган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурида, жумладан, “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб хал­қимиз билан бирга қурамиз” деган тамойилга асосан мамлакатимизни модернизация қилиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, парламент ва сиёсий партияларнинг ролини, давлат бошқаруви тизимининг сифати ва самарасини янада ошириш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш орқали давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишларни атрофлича ёритиш кўрсатилган.

Бу борада мамлакатимиз ўтган йиллар мобайнида тамоман ўзига хос тарихий йўлни босиб ўтди. Бу ишларни ким амалга оширди? Албатта, давлатимиз раҳнамолигида мард ва олижаноб халқимиз! Бундан буён ҳам тараққиётимиз айнан ана шу давлат ва халқнинг жипслигига таянади. Бусиз ҳеч бир мамлакат ўз олдига қўйган эзгу мақсадларга эришган эмас.

Яна бир тамойил юқоридагиси билан чамбарчас боғланиб кетади. Бу – “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил.

Хуллас, ўтган 26 йил мобайнида халқимиз ўз миллий давлатини қурди. Давлат қуриш эса халқ ва мамлакат тарихида жуда мураккаб ва ўта муҳим босқич ҳисобланади.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да қисқа фурсат мобайнида мамлакатимизда давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан халқ билан очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш тизими йўлга қўйилди. Бунинг натижасида фуқароларнинг кўплаб мурожаат ва муаммолари қонуний ҳал этила бошлади.

Давлатнинг халққа бундай қайишиши натижасида одамларнинг руҳиятида катта ўзгариш юз берди. Фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги ортди, сиёсий хабардорлик даражаси кўтарилди.

Шуни унутмаслигимиз керакки, бугун биз ўта таҳликали ва қалтис замонда яшаяпмиз. Ён-атрофимизда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек сақлашимиз зарур. Миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш – бугун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Буни ҳар биримиз чуқур ҳис этишимиз даркор. Шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, бугунги тинчлик-осойишталик ўз-ўзича таъминланаётгани йўқ.

Мустақилликни мустаҳкамлаш, уни ҳимоя қилиш ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, чегараларимиз дахлсизлигини асраш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини кучайтириш, жаҳон миқёсида рақобат, қарама-қаршилик тобора бешафқат тус олаётган, радикализм, терроризм, экстремизм, “оммавий маданият” каби таҳдидлар кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, сафарбарлигимизни янада ошириш – бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилаётган энг муҳим ва долзарб вазифамиз эканини ҳаммамиз теран англашимиз даркор.

Хавфсизлик борасида йўлимиз – қатъий, позицияларимиз – аниқ, мақсадимиз – тайин. Бу, биринчи галда, мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашга қаратилган сиёсат юритишдан иборат. Ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмаймиз. Мамлакатимиз ҳудудида бирон-бир хорижий давлат ҳарбий кучларини сақламаймиз. Ҳеч бир мамлакатнинг ички ишларига аралашмаймиз. Қўшни ва узоқ хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликлар олиб борамиз.

Мамлакат ичида турли миллат ва элатлар, ҳар хил диний конфессиялар, турли ижтимоий қатламларга мансуб аҳоли ўртасида аҳиллик, биродарлик, тенгҳуқуқлилик муҳитини мустаҳкамлаш ҳам тинчлик-хотиржамлигимизнинг муҳим шартларидан ҳисобланади.

Мустақилликнинг кейинги бир йилини таҳлил қилиб, шу хулосага келиш мумкинки, мамлакатимизда туб ислоҳотларни амалга оширишнинг янги даври бошланди. Бошқача айтганда, ислоҳотлар жадал босқичга кирди. Бу босқичнинг кўп-кўп янги жиҳатлари мавжуд. Энг муҳим томони шундаки, бунда давлат ва халқ жипслигига эришишга қатъий киришилди. Давлат билан халқ бирикса, енгилмас кучга айланади.

Мустақилликни мустаҳкамлаш, мамлакатда барча соҳаларни ривожлантириш амалда халқ бахту саодати учун лозим экани янада теранроқ ойдинлашди. Халқнинг мамлакатда юз бераётган туб бурилишлардаги иштироки кучайди.

Ҳамма соҳадаги жадалликка интилаётганимизнинг мустаҳкам замини бор. Биз 26 йиллик катта тажриба тўпладик. Энди шу бой тажрибаларни ишга солиш, қилинган кўп йиллик меҳнатларнинг самарасини кўриш бошланди.

Бу эса, хоҳ у раҳбар бўлсин, хоҳ оддий ходим ёки ишчи, ҳар бир фуқаронинг зиммасига юрт ва халқ тақдири учун катта масъулият юклайди.

Инсон учун она Ватанидан азизроқ макон йўқ бу дунёда.

Чунки Ер юзида Ўзбекистонимиз – яккаю ягона. Биз у билан ҳар қанча фахрлансак ҳам – кам. Бунга унинг бой ўтмиши ҳам, равнақ топаётган бугуни ҳам, порлоқ келажаги ҳам тўла асос бўла олади.

Бизга шундай яшаш бахтини берган Истиқлолимиз абадий бўлсин!

Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!