Бутун дунё эҳтиром кўрсатадиган буюк ўзбек шоири

Дата публикации: Jan 29, 2016 8:26:54 PM

Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб юртимизда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида миллий қадриятларни қайта тиклаш ва бойитиш, жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш ҳамда уларнинг бой илмий меросини ўрганиш ва оммалаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай аждодларимиз орасида атоқли ўзбек шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер Навоий алоҳида ўрин тутади.

Шоир қаламга олган адолат, ўзаро ҳамжиҳатлик, олийжаноблик, меҳр-мурувват, ота-онага эҳтиром, донолик, мискинларга ёрдам бериш, халқлар орасидаги дўстлик, Ватан ободлиги учун кўмак бериш, ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш сингари юксак инсоний фазилатлар мамлакатимизнинг замонавий тарақиётида, хусусан, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ҳамда маънавий-маърифий ислоҳотларда ўз аксини топмоқда.

Президент Ислом Каримовнинг “Юксак манавият - енгилмас куч” асарида келтирилганидек, инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади. Халқимиз ва ёшларимиз унинг бебаҳо мероси билан қанчалик ошно бўлса, жамиятда эзгу инсоний фазилатларнинг шаклланиш жараёни шу қадар муваффақиятли кечади.

Улуғ шоир ва мутафаккир асарлари умумтаълим мактаблари, коллеж ва лицейларда ҳамда олий таълим муассасаларида кенг ўрганилиши баробарида бастакор, мусиқачи ва мўйқалам соҳиблари учун ҳам битмас-туганмас илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Шоирнинг ғазаллари асосида яратилган янги-янги қўшиқлар, унинг ижодига бағишланган асарлар халқимиз эътиборига ҳавола қилинмоқда. Бу ёш авлодни ватанпарварлик, фидойилик ҳамда Ватан тақдирига дахлдорлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Қарийб 30 та тўпламдан иборат шеърлар ва достонлар, илмий ва фалсафий асарларни ўз ичига олган буюк аждодимизнинг бугунги кунга қадар етиб келган бебаҳо адабий мероси кўпқиррали бўлиши билан бирга ХV аср охиридаги Марказий Осиё халқларининг маънавий ҳаётини тўлиқ ифодалаб беради. Мустақиллик йилларида унинг барча асарлари тўлалигича 20 жилдда чоп этилди.

“Ҳайрат-ул аброр” (Яхши кишиларнинг ҳайратланиши), “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин”, “Саббайи Сайёр” (Етти сайёра) ва “Садди Искандарий” (Искандар девори) сингари ўша давр бадиий-фалсафий дунёқарашини акс эттирган беш достонни ўз ичига олган машҳур “Хамса” (Бешлик) асари том маънода Навоий ижодининг чўққиси ҳисобланади. Ўзбек мумтоз адабиётининг бетакрор намунаси бўлган мазкур шоҳ асар жаҳон адабиётининг бебаҳо дурдонасига айланган.

Ўзининг улкан адабий мероси орқали бадиий ижод саҳнасида эски ўзбек тили - туркий тилнинг форс тили даражасига олиб чиқилиши Алишер Навоийнинг миллий маданиятимиз тараққиётига қўшган яна бир улкан ҳиссаси бўлди. Мураккаб ва сайқал бериш қийин деб ҳисобланган мазкур тилда Навоийга қадар ҳеч ким кенг ва тўлиқ ижод қилмаган. Шу аснода шоирнинг таҳсинга сазовор ижоди нафақат ўзбек тили, балки бошқа туркий тиллар адабиёти тараққиётига ҳам чуқур таъсирини кўрсатди.

Мамлакатимизда ўзбек халқининг ушбу буюк ўғлони хотирасига катта ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Давлат Академик опера ва балет катта театри, Фанлар академияси қошидаги Тил ва адабиёт инсититути, Адабиёт музейи, юртимизнинг етакчи саноат маркази жойлашган вилоят ва шаҳар, метро бекати, кўча, маҳалла ва хиёбонларга шерият мулкининг султони ҳисобланган улуг бобомизнинг табаррук номи берилган.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон ўқувчи ёшларини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонига биноан ижтимоий-гуманитар йўналишда таълим олаётган юқори курс талаблари ўртасида ўз ақл-заковати, иқтидори, ташаббускорлиги ва аъло баҳолари билан ажралиб турадиган ёшлар учун Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси жорий қилинган.

Шу кунларда таваллудининг 575 йиллиги кенг нишонланаётган буюк шоирнинг хизматлари нафақат юртимизда, балки бутун дунёда ҳам муносиб даражада эъзозланади. Алишер Навоий асарлари ҳақиқатан ҳам жаҳон билимлари хазинасининг қимматбаҳо жавоҳири ҳисобланади. Инглиз, француз, немис ва бошқа тилларга ўгирилган таржималар Навоий асарлари ҳозирга қадар бутун дунёда катта қизиқиш ва ҳайрат уйғотаётганидан далолат беради.

Турли мамлакатларда шоир хотирасига эҳтиром сифатида унинг ҳайкали ўрнатилган ва бу буюк аждодимизнинг бой маънавий меросининг оламшумул аҳамияти ҳамда ўзбек халқининг улкан ижодий салоҳиятидан далолатдир. Буюк мутафаккирга эҳтиром рамзи сифатида Алмати, Боку ва Ашхабод шаҳарларидаги кўчалар, Киевдаги хиёбон А.Навоий номи билан аталади. Шуниндек, Меркурийдаги кратерлардан бирига ҳам унинг номи қўйилган. Буюк шоирга Москва, Токио, Боку ва Ўш шаҳарларида ҳайкал ўрнатилган.

Ўзбек адабиётининг ноёб қўлёзмаларини, айнан Алишер Навоий ижодини янада чуқур ўрганиш ва архивлаштириш мақсадида Давлат Адабиёт музейи ва Ўзбекистон Фанлар академиясида дунёнинг машҳур китоб ва қўлёзмалар сақаланадиган архивларига илмий экспедиция ва хизмат сафарлари ташкил қилинган.

Яқинда Франция ва Англия кутубхоналаридан Алишер Навоийнинг “Куллиёт” номли асари ҳамда унинг бошқа ноёб қўлёзма асарларидан фотонусхалар келтирилди. Навоий асарларига ишланган миниатюралар халқаро китоб ярмаркаларида мукофотларга сазовор бўлмоқда. Шунингдек, хорижий мамлакатларга уюштирилган экспедициялар натижасида Франция Миллий кутубхонаси, Британия музейи, “Индиана офис” ва “Бодлеан” кутубхоналари, Виндзор қироллик кутубхонаси, Оксфорд университети кутубхонаси ҳамда Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Туркия ва АҚШ китоб жамғармаларидан ўзбек адабиётига оид асарлар, шу жумладан, Алишер Навоий асарларидан нусхалар олиб келинди - улар бугунги кунда ўзбек халқининг маънавий бойлиги ҳисобланади.

Шу тариқа, Алишер Навоий сиймоси ва унинг ҳассос қобилияти кўплаб халқларни, биринчи навбатда, ўзбек халқини илҳомлантириб келмоқда. Унинг инсонпарварлик, адолат, ақл-заковат ва ободонлаштириш сингари юксак инсоний фазилатлар йўғрилган асарлари бир неча юз йиллар давомида ўз жозибадорлиги ва долзарблигини сақлаб қолмоқда.

“Жаҳон”АА