Конституция – жамиятда демократия ривожланишининг кафолати

Дата публикации: Dec 06, 2017 9:15:40 AM

Тарихдан маълумки, мустақилликка эришган ҳар бир халқ ўз тараққиёт йўлини излайди, янги жамият бунёд этишда ўз андозасини ишлаб чиқишга ҳаракат қилади. Шу маънода айнан Конституция миллий давлатга хос бўлган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маънавий камолот ва тараққиётга олиб борадиган ўзига хос стратегик дастур, “йўл харитаси” вазифасини бажарадиган халқ иродасининг олий ифодасидир.

Конституциямиз халқимиз хоҳиш-иродасини бир ҳужжатга жамлаган, уйғунлаштирадиган муҳим манба десак ҳам муболаға бўлмайди. Одатда кўп давлатлар Конституциялари нуфузли экспертлар, депутатлар томонидан ишлаб чиқилиб, сўнгра парламентда қабул қилинади. Бундай ҳужжатлар мутахассис нуқтаи назаридан юқори баҳоларга сазовор бўлса-да, унда халқчиллик, халқ руҳияти етишмайди. Айрим давлатлар ҳатто ўз Асосий қонунларини референдумда, халқ иштирокида қабул қилингани билан фахрланишади. Албатта, бу энг олий даражадаги қарор ҳисобланади. Бироқ, бундай жараёнда халқ олдида фақат икки саволдан бирига жавоб бериш имконигина бўлади: Конституция матнини ё тасдиқлаш ёки рад этиш. Ўзбекистон Конституциясини ўзига хослиги шундаки у 2 маротаба халқ муҳокамасида халқимиз хоҳиш-иродаси билан бойитилди. Умумхалқ муҳокамаси давомида Конституция лойиҳаси юзасидан жами 6 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилган. Фақатгина Конституциявий комиссияга мингдан зиёд хатлар тушган. Таклиф ва мулоҳазалар Конституция лойиҳасининг ҳамма моддаларига дахлдор бўлиб, матннинг деярли ярмига, яъни лойиҳадаги 127 моддадан 60 тасига тузатиш ва аниқликлар киритилган. Дастлабки вариантдан 4 та модда чиқарилиб, матнга бир неча янги моддалар киритилган.

Ушбу жараёнда иштирок этган мутахассисларнинг таъкидлашларича, таклиф ва мулоҳазаларнинг аксарияти фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, шахс дахлсизлиги, диннинг жамиятдаги ўрни ва вазифаси, иқтисодий ҳуқуқлар, жумладан, мулк ҳуқуқи, бозор муносабатлари ва тадбиркорликни ривожлантириш, ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликнинг конституциявий асосларини

мустаҳкамлашга қаратилган моддалар, боблар ва бўлимларга тааллуқли бўлган.

Қайд этиш жоизки мустақил Ўзбекистон тарихида Конституциямиздек кенг муҳокама бўлган қонун мавжуд эмас. Асосий қонунимиз нафақат ҳар бир вилоят ва Тошкент шаҳрида, вазирлик ва идораларда, балки ҳар бир туман, корхона, муассаса ва ташкилотларда муҳокама қилинган ҳамда унинг якунлари тегишли жадвал асосида таклифлар билан Конс-титуциявий комиссияга тақдим этилган.

Маълумки, давлат ва жамият ҳаётида баъзи бир нарсалар бўладики, у Ватанимиз каби битта бўлади: байроғимиз битта, гербимиз битта, мадҳиямиз битта, шу қатори Конституциямиз ҳам битта. Буларнинг ҳар бири ўз тимсолида она Ватанимиз, унинг табиати, халқимизнинг эзгу мақсадларини ўзида акс эттиради. Шу маънода Конституциямиз ҳар бир фуқаро учун байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз каби қадрлидир.

Конституциямиз қабул қилинишидан мақсад ва вазифаларга эътибор берадиган бўлсак, муқаддимада республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиш, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида Конс-титуция қабул қилинганлиги қайд этилмоқда. Яъни Конституциямизнинг асосий моҳияти инсонга муносиб ҳаёт шароитлари яратиш, уни бахтли қилишдан иборат. Конституция жамият ва унинг аъзолари олдига инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш мақсадини қўймоқда. Шундай давлатдагина халқимизнинг муносиб турмуши, ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатланиши, инсоннинг маънавий-ахлоқий баркамоллиги таъминланиши мумкинлиги таъкидланди.

Демократиянинг яна бир исботи шундаки, Конституциямиз “Ўзбекистон халқи” деб бошланади. Бундай жумлаларни бошқа бирон бир қонунда учратмаймиз. Бунинг ўзи ҳам халқ ҳокимиятчилигининг ёрқин далолатидир.

Конституциямизнинг яна бир энг муҳим хусусияти – бу унинг халқ суверенитетини эътироф этганлигидадир. Асосий қонунимизнинг 7-моддасига асосан халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир. Асосий қонунимизда “демократия” ва “демократик” сўзлари 7 марта, “халқ” сўзи 24 марта қўлланилган.

Асосий қонунимизда халқ ҳокимиятининг муҳим ифодаси бўлган парламентга бўлган эътибор жаҳондаги энг ривожланган давлатлар қонун чиқариш органлари мақоми билан тенг бўлса тенгки, кам жойи йўқ. 2009 йилда Кембридж университетида чоп этилган, конституцияшунос тадқиқотчилар М.Стивен Фиш ва Мэт Кроенигларнинг “Миллий қонунчилик органлари учун қўлланма: глобал тадқиқот” номли китобида парламентлар ваколатини баҳолашнинг 32 та предмети ишлаб чиқилган. Ушбу метод бўйича 190 та давлат конституцияларидаги парламентлар ваколатлари ғарб олимлари томонидан таҳлил этилганда мамлакатимиз Олий Мажлисининг ваколати 0,33 индекси билан Норвегия, Швейцария, Венгрия, Словакия парламентлари ваколат даражаси билан тенг ҳолатни кўрсатган. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Нидерландия, Германия парламентининг ваколатлари 0,29, Франция, Италия, Грецияларники эса 0,24 ни кўрсатиб, улар конс-титуцияларидаги парламентга ажратилган ваколат бўйича мамлакатимиздан бир мунча қуйи натижани кўрсатган.

Конституция – жамият ҳаётини ривожлантиришга қаратилган аниқ дастур вазифасини ҳам бажаради. Ўтган 25 йил давомида нимаики стратегик ислоҳотлар амалга оширган бўлсак, барчасининг таг-замирида Конституция ғоялари бўлмиш фуқароларга муносиб ҳаёт даражасини таъминлаш, демократик ҳуқуқий давлат қуриш, давлатнинг халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, халқ ҳокимиятчилигини кучайтириш, давлат ҳокимиятини ташкил этиш ва фаолият кўрсатишида фуқароларнинг бевосита ва билвосита таъсирини ошириш, парламентнинг давлат ички ва ташқи сиёсатидаги ролини кенгайтириш, қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда конституциявий ва одил судловнинг ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадлари мужассамдир.

Мен шу фурсатдан фойдаланиб, ҳар бир фуқаро ўз ҳаётида билиши лозим бўлган, керак бўлса унинг таянчи ва суянчи бўла оладиган Конституциямизнинг таъбир жоиз бўлса, энг дуру гавҳарларини эслатиб ўтмоқчиман.

Авваламбор Асосий қонунимиз муқаддимасига кўра биз инсонпарвар давлат қуришни мақсад қилиб олганмиз. Инсонпарварлик деганда луғатларда инсонга муҳаббат, эътибор, ғамхўрлик, инсон шахсига нисбатан ҳурмат тушунилиши қайд этилган. Шундай экан давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар фуқаролар билан муносабатларда айнан конституциявий мақсад бўлган инсонпарварлик мезонларидан келиб чиқишлари лозим.

Асосий қонунимизда давлат инсон манфаатларига хизмат қилиши, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиши устувор тамойил сифатида аниқ белгилаб қўйилган. Конституциямиз асосий принципларига кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб амалга оширади. Мутафаккир Цицерон айтганидек, “Salus populi - suprema lex”, яъни халқ, жамият фаровонлигининг ўзиёқ – олий қонун ҳисобланади.

Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар, яъни, фуқаролар манфаатининг устунлиги қонуний равишда мустаҳкамланган ва кафолатланган. Давлат хизматчилари ўз фаолиятида мен халқ хизматчисиман – деган ғояга таяниб ишлаши лозим.

Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конс-титуция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар. Қонунлар эса битта шахс ёки орган томонидан қабул қилинмай, балки халқ вакиллари иштирокида парламентда ёки референдумда қабул қилинади. Барчанинг қонунга мувофиқ иш кўриши белгилангани жуда ҳам мантиқий ва тўғри, адолатли қарор бўлиб, ҳар ким ўзига мос қоида яратиб олишининг олдини олади. Мазкур қоида дунё ҳуқуқий давлатчилигининг бебаҳо хазинаси бўлиб, кўплаб конституцияларнинг муҳим принципиал қоидасидир. Қадимги рим юристлари “Nulla potentia supra leges debet esse”, яъни қонунлардан устун турувчи ҳеч қандай куч бўлмаслиги керак – деган эдилар. Асосий қонунимизга кўра бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Фуқаролар билан давлат ўзаро ҳуқуқлар ва бурчлар орқали узвий боғлиқдирлар. Қадимги рим юристлари айтганидек, “Obligatio est iuris vinclum”, яъни бурч ҳуқуқнинг муҳим риштасидир. Фуқаронинг ҳуқуқини таъминлаш давлатнинг мажбуриятидир. Айни вақтда фуқародан Конституция ва қонунларда белгиланган ўз мажбуриятини бажаришни талаб қилиш давлат органининг ваколатига киради.

Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Бу қоидалар ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг муҳим кафолати бўлиб, дунё конституцияларининг бебаҳо дурдоналарини ташкил этади. Қадимги рим юристлари айтганидек, “Justitia nemine neganda est”, яъни ҳеч кимга одил судловга бўлган ҳуқуқ рад этилмаслиги керак, яна шунингдек “Аb omni iudicio provocari licet”, яъни ҳар қандай ҳукм, қарор устидан эътироз билдириб, мурожаат қилиш мумкин.

Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Қадимги рим юристлари “Libertas est potestas faciendi id, quod iure licet”, яъни эркинлик қонун билан тақиқланмаган барча ишни қилиш имконияти деганлар.

Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас. Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Юқоридаги қоидалар ҳам дунё конституцияшунослигининг бебаҳо хазиналаридан ҳисобланади. Қадимги рим юристлари “Nullum crimen, nulla poena sine lege”, яъни агар қилмиш учун жавобгарлик ва жазо қонун билан белгиланмаган бўлса ҳеч ким жавобгарликка, жазога тортилиши мумкин эмас. “Nihil fit sine ratione sufficienti”, яъни етарлича асосларсиз ҳеч қандай иш қилинмаслиги керак. Ҳар бир ваколатни амалга ошириш учун етарлича асос бўлиши керак.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди. Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.

Юқоридагиларнинг барчаси маърифатли дунёда, айниқса ривожланган демократик давлатлар тажрибасида оддий фуқароларнинг давлат органлари билан муносабатларида талабининг асоси, ҳимоя қалқони вазифасини ўтайди.

Қайд этиш жоизки дунёдаги энг ривожланган давлатлар конституциялари билан беллаша оладиган Конституцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масаланинг бир жиҳати. Масаланинг бошқа бир муҳим томони, қабул қилинган ҳужжатни ҳаётимизга самарали татбиқ этиш, унга риоя этмоқ ҳам керак. Бу Конституцияда кўзлаган мақсадларимизнинг энг муҳим шартидир. Баъзида айрим фуқароларнинг нолишларини эшитиб қоламиз. Конституция ва қонунларда юқоридагидек ҳуқуқ ва кафолатлар ўрнатилгани ҳолда уни ўзимиз ишлатмасак, ҳаётимизда фойдаланмасак, ҳеч ким ташқаридан келиб бизга бу ишни ўрнимизга қилиб бермайди. Шунинг учун ҳам қадим-қадимдан ҳуқуқшуносликда “Lex vigilantibus, nоn dormientibus (subvenit)”, яъни “ҳуқуқ, қонун ҳушёр, огоҳ, ғайратли одамлар учун ёзилади, ғафлатда қолганлар учун эмас. Ким ҳуқуқларидан фойдаланмаса, кўрган зарари учун ўзи айбдор” деган қарашлар мавжуд.

Хулоса қилиб айтганда, Конституция халқимиз хоҳиш-иродасини бир ҳужжатга жамлаган, уйғунлаштирган муҳим манба, миллий қонунчилигимизнинг асоси, тараққиётимизнинг ўзига хос стратегик дастури, “йўл харитаси”дир.