Оҳангларда муҳрланган қадрият

Дата публикации: Jul 15, 2018 11:54:48 AM

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек миллий мақом саньатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан кўзланган асосий мақсад мақомларни мукаммал ўрганиш, аньанага мос тарғибот қилиш, халқимизни мусиқий меросимизнинг энг гўзал анъаналаридан баҳраманд этишдир. Мазкур ҳужжатда мумтоз мусиқа меросымизда шаклланган ижро ва ижодий мактаблар ҳамда анъаналарни, бастакор, хонанда ва созандалар меросини илмий асосда ўрганиш, замонавий ижро намуналарининг “олтин фонди”ни яратиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш каби вазифалар белгилаб берилди.

Бу каби вазифаларни амалга оширишда, шубҳасиз, Ўзбек миллий мақом санъати марказининг алоҳида ўрни бор. Бу ҳақда Мақом маркази раҳбари, санъатшунослик фанлари номзоди Соибжон Бегматов мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:

– Марказимизнинг асосий вазифаси ўзбек миллий мақом санъатининг азалий анъаналарини шакллантириш, мусиқа ижодиётининг юзага келишига асос бўлган ва мукаммал ижод ҳамда ижро анъанасининг шаклланиши ва ривожида муҳим ўрин тутган устоз-шогирд анъанасини қайта тиклаш, шу асосда таълим тизимини шакллантириш ва керакли дастурларни (илмий-назарий, ижрочилик) ишлаб чиқиш, ўқув адабиётларини шакллантиришдан иборат.

Шулардан келиб чиққан ҳолда марказда қуйидаги бўлимлар шакллантирилди.

Устоз-шогирд мактаби бўлимига мақом билимдонлари — Халқ, ҳофизлари Маҳмуджон Тожибоев (бўлим бошлиғи), Маҳмуджон Йўлдошев, Исроилжон Ваҳобов, Эркинжон Рўзматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Матрасул Матёқубов, созанда Ўткир Қодиров жалб этилди. Мақом саньатини илмий ривожлантириш бўлимида мусиқашунос-мақомшунос олимлар фаолият олиб боришади.

Чолғуларнинг акустик хусусиятларини ўрганиш бўлими ходимлари мақомларимизнинг азалий парда тизимини тиклаш бўйича илмий-амалий тадқиқотлар олиб борадилар. Албатта, шунга мос чолғу созларини яратиш устахонаси ҳам ушбу бўлимда фаолият кўрсатиши кўзда тутилган.

Ўзбек мақомларининг нуфузини ошириш, Шарқ халқлари мақомотидаги ўрнини жаҳонга намойиш этиш, мақомот тизимидаги бошқа халқлар мақом ижрочиларини юртимизга таклиф этиш, машҳур мақом намояндаларининг концертлари, устоз сабоқларини уюштириш каби ишлар Халқаро алоқаларни ривожлантириш бўлимида амалга оширилади.

Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамблининг марказда фаолият олиб бориши ушбу бебаҳо санъатнинг замонага мос ривожига хизмат қилиши, шубҳасиз. Ансамбль таркибини ёш хонандалар ва истеъдодли созандалар билан тўлдириш мақсадида танлов ўтказилди. Танловда олтмишдан зиёд мақомга ихлосманд ёшлар қатнашди.

Ҳозир республикамизда мақом ижрочилиги ва мақом санъатида фаолият олиб бораётган устоз санъаткорлар, ёшларни аниқлаб, харита тузяпмиз. Оммавий ахборот тизимининг барча йўналишларида мақом усталари, профессор-ўқитувчилар, моҳир созанда ва хонандалар иштирокида кўрсатувлар, эшиттиришлар олиб борилмоқда, илмий, илмий-оммабоп мақолалар чоп этилмоқда.

Ҳар қандай соҳани ривожлантириш бевосита шу соҳа бўйича олиб бориладиган таълим-тарбия ишлари билан боғлиқ. Шу боис, биринчи навбатда, кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Аввало, мақом санъатидан дарс берувчи устозлар, хонанда ва созандаларни тарбиялаш бўйича таълимни такомиллаштириш зарур. Ўзбекистан давлат консерваториясида “Мусиқий шарқшунослик” кафедраси негизида назарий ва амалий кафедралар бирлаштирилиб мақом факультети ташкил этилди. Ушбу факультет учун Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан алохида бино ажратилди. Ўзбек мақом санъатини ёш авлод муносиб тарзда ўзлаштиришини назарда тутиб, Консерватория, Санъат ва маданият институти ҳамда мусиқий таълим йўналишлари учун “Ўзбек мақоми тарихи ва назарияси” фани ўқитилиши режалаштирилди. Мазкур фаннинг ўқув дастурлари ва адабиётларини яратишга доир вазифалар белгилаб олинди.

Шаҳрисабзда бўлган учрашувда Президентимиз олдимизда турган муаммоларни ечиш йўлларини аниқ кўрсатиб бердилар. Хусусан, мақом санъатидан дарс берувчи устозларни тайёрлашга жиддий эътибор қаратиш, лозим бўлса 6 ойлик курсларни ташкил этиш, бутун республикамиздаги мақомдон устозларни аниқлаш, “Мақом алифбоси” фанини киритиб ёш авлодни тарбиялаш, фарзандларимизнинг қалбига мақом санъатининг гўзал анъаналарини сингдириш, созгар усталаримизни миллий созлар яратишга жалб этиш кераклигини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

Қарорда белгиланган муҳим вазифалардан яна бири шуки, 2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилади. Бу улкан тадбирни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича дастлабки лойиҳалар тузилди. Анжуман доирасида: илмий конференция, Шарқ мақомоти усталарининг концертлари ва устоз сабоқлари, ёш ва мохир мақомот ижрочиларининг халқаро кўрик-танлови, мақом санъати усталарининг концертлари ва театрлашган намойишлар, сайиллар ташкил этиш кўзда тутилган.

Анжуманнинг илмий-амалий жараёнларида мақомот санъатининг нуфузли мусиқашунос олимлари, етакчи устоз созанда ва хонандалар иштирок этишади. Бу борада ҳамкорлик ишлари бошлаб юборилди. Анжуманни шу йилнинг сентябрь ойида ўтказиш таклиф этилмоқда. Қарорда Шаҳрисабз шаҳри Оқсарой майдонининг тарихий қисмида мақом санъатига бағишланган музей ва миллий созлар лабораториясини ташкил этиш кўзда тутилгани ҳам айни муддаодир. Музей таркибида Бухоро Шашмақоми, Хоразм мақомлари ва дутор мақомлари, Фарғона-Тошкент мақом йўллари, Қашқадарё-Сурхондарё мақом чолғу йўллари, Шарқ халқлари мақомоти намуналарига ва мақомларнинг тарихий шаклланиши билан боғлиқ ашёлар намойиш этиладиган алоҳида заллар бўлади.

Хуллас, мақомлар халқимизнинг беҳисоб сир-синоатларга бой маданий хазинасидир. Бу меросни ўрганиш, тадқиқ этиш, ҳар биримизнинг бурчимиз. Зеро, мақом санъати намуналари орқали халқимизда, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод онгида миллий ва умуминсоний қадриятлар, бебаҳо меросга ҳурмат, ғypyp ва ифтихор, Ватанга садоқат ва муҳаббат туйғулари тарбияланади.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси