06/02/12 АЛИШЕР НАВОИЙ

Дата публикации: Feb 09, 2012 1:36:32 PM

АЛИШЕР НАВОИЙ

Улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий(1441-1501) ўзбек адабиёти тарихида ниҳоятда катта мавқега соҳиб буюк сиймодир. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов “Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир”, – дея Навоийга жуда юксак баҳо берган эди. Чиндан ҳам Алишер Навоий ўзидан бой шеърий, насрий ва илмий мерос қолдирди. Унинг лирик асарларидан таркиб топган тўрт девондан иборат “Хазойин ул-маоний”, форс тилидаги “Девони Фоний”, достонларини ўз ичига олган “Хамса”, шунингдек, “Лисон ут-тайр”, “Мажолис ун-нафоис”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”, “Муншаот”, “Муфрадот”, “Вақфия”, “Мезон ул-авзон”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Тарихи мулуки Ажам”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо” каби асарлари бугунги кунда ўзбек адабиётининг нодир намуналари бўлиб қолди ва жаҳон адабиётининг кейинги беш асрлик тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатди.

Алишер Навоий ижодиётига қизиқиш шоир ҳаётлиги давридаёқ бошланган эди. Ўша давр тарихчилари ва шоирлари унга юксак баҳо бердилар ва ундан ижодий фойдаландилар. Ҳатто шоир асарларига махсус луғатлар ҳам тузилган эди. XVI асрдан бошлаб Навоий асарлари бошқа тилларга таржима қилина бошланди. Масалан, шоирнинг “Мажолис ун-нафоис” асари XVI асрда форс тилига уч марта таржима қилинган эди. Ёки, Христофор Арманийнинг 1557 йилда италян тилида нашр этилган “Сарандиб шоҳи уч ўғлонининг зиёрати” асари Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достонидаги қолипловчи ҳикояси – Баҳром ва Дилором ҳақидаги ҳикоянинг эркин таржимасидир. Бу асар немис, француз ва голланд тилларига ҳам таржима қилинган эди. Бу жараён бугунгача давом этмоқда.

Алишер Навоий ижодини янгича, янги адабиётшунослик нуқтаи назаридан ўрганиш ХХ аср бошларида жадид ёзувчилари ва олимлари фаолияти билан бошланди. Масалан, 1919 йилда Тошкентда Фитратнинг “Инсоният ҳаққинда Навоийнинг фикри” рисоласи босилиб чиққан эди. Шундан бери Навоий ижоди доимий равишда ўрганилиб, асарлари нашр этилиб келинмоқда. Олимларнинг бир неча авлоди меҳнати билан Ўзбекистонда фаннинг янги соҳаси – навоийшунослик юзага келди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгунча Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, Ойбек, Олим Шарафиддинов, Ҳамид Олимжон, Ҳоди Зариф, Иззат Султон, Порсо Шамсиев, Натан Маллаев, Воҳид Абдуллаев, Воҳид Зоҳидов, Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Сулаймонов, Уйғун сингари ўнлаб олим ва ёзувчилар Навоий ижодиётини ўрганиш, унинг мазмун-моҳиятини халққа етказишда ибратли ишларни амалга оширдилар.

Айниқса, Навоий туғилган куннинг 500 йиллигини ўтказишга тайёргарлик кўриш муносабати билан ХХ асрнинг 30-йиллари охири ва 40-йилларнинг бошларида самарали ишлар олиб борилди. 1948 йилда Навоийнинг 500 йилллиги кенг нишонланди. Тошкентда шоирга ҳайкал ўрнатилди. “Танланган асарлари”нинг уч жилдлиги нашр этилди. “Улуғ ўзбек шоири”, “Родоначальник узбекской литературы” номли коллектив тадқиқотлар юзага келди.

1968 йилда Алишер Навоийнинг туғилганига 525 йил тўлиши муносабати билан Тил ва адабиёт институтининг музей бўлими мустақил Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейига айлантирилди. Шоир “Танланган асарлари” 15 жилдда ўзбек тилида, 10 жилдда рус тилида босилиб чиқди. Алишер Навоий ижодини мактаб ва олий ўқув юртларида изчил ўрганиш ишлари йўлга қўйилди.

Халқимиз ўз истиқлолини қўлга киритач, навоийшунослик табиий равишда янги ривож йўлини бошлади. Президентимиз И.А.Каримов 1991 йилни мамлакатимизда Алиешр Навоий йили деб эълон қилиши билан юртимизда Навоий шахси ва ижодиётига қизиқиш янада ортди. Навоий меросини янги мафкура нуқтаи назари ва талаблари бўйича тадқиқ этишда янги-янги ютуқларга эришилди. Таниқли навоийшунослардан А.Ҳайитметов, А.Қаюмов, С.Ғаниева, А.Абдуғафуров, Ё.Исҳоқов, С.Ҳасанов, Н.Комилов, Р.Воҳидов, И.Ҳаққулов, Ҳ.Ҳамидов ва бошқаларнинг кўплаб мақола ва китоблари эълон қлинди.

1991 йилнинг сентябрида мамлакат Президенти И.Каримов раҳбарлигида Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги халқаро миқёсда нишонланиши мамлакатимиз маданий-маънавий ҳаётида катта воқеа бўлди. Шу муносабат билан Тошкентда Алишер Навоий номидаги миллий боғ ташкил этилди ва шоирга салобатли ҳайкал ўрнатилди.

Алишер Навоий Мукаммал асарлари тўплами 20 жилдлигининг нашр этилиши истиқлол яратган катта имкониятнинг ёрқин самарасидир. Шу нашр туфайли халқимиз биринчи марта улуғ шоирнинг ҳамма асарлари билан танишиш имкониятига эга бўлди.

Алишер Навоий 20 жилдлик Мукаммал асарлар тўпламининг нашр этилиши республикамиз маданий-маърифий ҳаётидаги улкан ҳодиса ҳам маънавий хазинамизга қўшилган бебаҳо адабий меросдир.

2011 йилда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Тил ва адабиёт институтлари ҳамкорлигида мазкур тўпламнинг электрон версияси тайёрланиши ва интернет саҳифаларига жойлаштирилиши нафақат мамлакатимиз маданий-маърифий ҳаётида, балки бутун Шарқ мамлакатларининг ҳаётида улкан ҳодиса бўлди.

Беш жилддан иборат “Ўзбек адабиёти тарихи”нинг иккинчи жилди фақат Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган.

Мамлакатимизда 1942 йилдан буён 9 февральда анъанавий навоийхонлик анжуманлари ўтказилиб келинади. 2001 йил августда республикамизда Алишер Навоий таваллудининг 560 йиллиги кенг нишонланди. Бу гал Навоий шаҳрида Алишер Навоий боғи ташкил этилди ва шоирга ҳайкал ўрнатилди. “Навоийнинг ижодий олами” номли жамоавий тадқиқотлар тўплами нашр этилди. 2011 йилда мутафаккир шоир таваллудининг 570 йиллиги республика ва халқаро миқёсда кенг нишонланди.

Бугунги кунда Алишер Навоий ижодини барча йўналишларда ўрганиш ишлари йўлга қўйилган. Айниқса, шоир ижодини халққа яқинлаштириш, у яратган бебаҳо асарларнинг изоҳли нашрларини амалга ошириш ишлари диққатга сазовордир. Кейинги уч-тўрт йил ичида шоир “Хамса”си беш жилдда бугунги ўзбек адабий тилидаги насрий баёнлари билан биргаликда нашр этилди. Навоий ғазалларидан танлаб олинган байтлар ва уларнинг бугунги тилдаги изоҳларидан таркиб топган “Навоийнинг шоҳбайтлари” китобининг биринчи жилди босилиб чиқди. “Хамса” асосида унинг иккинчи жилди нашрга тайёрланмоқда. Шунингдек, Навоий “Ҳикматлар”и алоҳида китоб ҳолида нашр этилди.

Алишер Навоий асарларини тилшунослик нуқтаи назаридан ўрганиш ишлари ҳам кенг йўлга қўйилган. Илгариги йилларда шоир асалари тилининг бир ва тўрт жилдли изоҳли луғатлари нашр этилган эди. Бугунги кунда Алишер Навоий асарлари тилининг янги изоҳли луғати устида иш олиб борилмоқда.

Ҳозирда мамлакатимизда навоийшуносларнинг катта ва кичик авлоди фаолият кўрсатмоқда. Азиз Қаюмов, Суюма Ғаниева, Нажмиддин Комилов, Алибек Рустамов, Саидбек Ҳасанов, Раҳим Воҳидов, Ҳамиджон Ҳомидий, Муҳсин Қодиров, Иброҳим Ҳаққулов, Дилором Салоҳий каби кекса ва ўрта ёш олимлар қаторида Қодиржон Эргашев, Эргаш Очилов, Насиба Бозорова, Нодир Рамазонов, Сирдарёхон Ўтанова каби ёш навоийшунослар ҳам тадқиқотлар олиб бормоқдалар.

Ҳар йили 9 февралда ўтказиладиган анъанавий навоийхонлик анжуманида ёшларнинг ҳам иштирок этаётганлиги қувонарлидир. Бугун Навоий асарларини тўла-тўкис англашга ёрдам берадиган улуғ шоир шеърларига ёзилган шарҳ характеридаги мақола ва тадқиқотлар вақтли матбуотда тез-тез босилиб турибди. Бундай ишлар кенг ўқувчилар оммасини Навоийга яқинлашишга ёрдам бериши шубҳасиздир.

Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди битмас-туганмас тадқиқот, муҳокама ва мушоҳадалар манбаидир. Шу сабабли буюк шоир ижодини янада мукаммал ўрганиш, шоир Мукаммал асарлар тўпламининг янги нашрларини амалга ошириш доимий вазифаларимиздан бўлмоғи керак.