Самарали парламент назорати — тараққиётнинг муҳим омили

Дата публикации: May 26, 2015 4:58:25 PM

Самарали парламент назорати — тараққиётнинг муҳим омили

Тошкентда “Парламент назоратини амалга оширишга доир ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Тадбир Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Давлат бошқаруви академияси томонидан К. Аденауэр номидаги жамғарма (ГФР), ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастури, Миллий демократик институт (АҚШ), Шанхай ижтимоий фанлар академияси (Хитой), Нагоя университети (Япония) ва Инха университети (Корея Республикаси) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, очиқ фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципи асосида парламентнинг жамият ҳаётидаги ролини ошириш, парламент фаолиятини такомиллаштириш, ижро этувчи ҳокимият устидан парламент назоратининг самарадорлигини кучайтиришга қаратилган демократик ўзгаришлар рўёбга чиқарилаяпти. Бугунги кунда 20 дан ортиқ қонунлар мамлакатимизда самарали парламент назоратини амалга ошириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан парламент назоратини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди. Бинобарин, унга биноан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Чунончи, парламентга мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ҳуқуқи берилди. Бу саъй-ҳаракатлар пировардида парламент, депутатлар назорати салоҳиятидан фойдаланган ҳолда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини рўёбга чиқариш самарадорлигини оширишга, аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини янада тўлиқроқ таъминлашга, жойларда муаммоларни оқилона ҳал этишга кўмаклашмоқда.

Президентимиз Олий Мажлис палаталарининг шу йил 23 январдаги қўшма мажлисидаги маърузасида белгилаб берганидек, конституциявий ислоҳотлар нуқтаи назаридан, Олий Мажлис палаталари ва энг аввало, фракцияларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлаш борасидаги фаолияти сифат жиҳатидан янги асосда қурилиши лозим.

Шулар хусусида атрофлича сўз юритилган халқаро конференцияда бу борадаги хорижий тажрибани ўрганиш, парламент назорати, уни амалга ошириш шакл ва механизмлари батафсил муҳокама қилинди, шунингдек, хорижлик экспертларга юртимизда парламент ва сиёсий партияларнинг давлат ҳамда жамият қурилишидаги роли кучайиб бораётганлиги ҳақида маълумот берилди.

Анжуман халқаро ва чет эллик экспертларнинг ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал қилишда парламент назоратининг ўрни, сиёсий партиялар фракцияларининг парламент назорати самарадорлигини оширишдаги роли, қонун ҳужжатлари самарадорлигини баҳолашда парламент назоратининг ўрни, парламентнинг ушбу йўналишда оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги каби мавзуларда маърузалари тингланди.

Иштирокчилар парламент назорати Олий Мажлиснинг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида ҳокимиятнинг турли тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлаш тизимининг самарали механизми эканлигини таъкидлашди.

Тадбирда Ўзбекистонда парламент назоратини амалга оширишнинг қонунчилик асосларини янада такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама этилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, парламент назоратини амалга оширишга доир миллий ва хорижий тажриба чуқур таҳлил қилинди.

Анжуманда сўз олган парламент аъзолари бугун давлат ҳокимияти вакиллик органлари олдида парламент назорати фаолиятини янада кучайтириш вазифаси турганлигини таъкидлашди. Хусусан, хорижий мамлакатлар парламентлари тажрибаси асосида миллий қонунчилигимизда парламент назоратининг бошқа самарали шаклларини кенгайтириш мақсадга мувофиқ. Бу нафақат парламент, сиёсий партиялар фракциялари ролини, балки ҳукумат, ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширади.

Конференцияда ҳозирда ишлаб чиқилаётган “Парламент назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис палаталари назорат фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятли эканлиги айтиб ўтилди.

Халқаро конференцияда парламент назорати тадбирларини ёритишда Олий Мажлиснинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигига оид масалалар ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистонда парламент журналистикаси тобора ривожланиб, Олий Мажлис палаталари назорат-таҳлил фаолияти кенг ёритилаётганига эътибор қаратилди.

Тадбирда амалий фикр-мулоҳаза алмашилди ҳамда тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Сўз — халқаро конференция иштирокчиларига

Маттиас РЁСЛЕР, Саксония ери парламенти раиси (Германия):

— Конференцияда биз парламент назорати ва унинг амалга оширилиши механизмларини муҳокама қилдик ҳамда ушбу соҳага оид фикрлар ва тажриба билан алмашдик. Шуни айтиш керакки, бу борада Ўзбекистон парламенти ҳуқуқий ҳамда институционал асосларни мустаҳкамлаш ҳисобига салмоқли муваффақиятларга эришди. Ҳукуматнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини амалга оширишдаги масъулияти ошган. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистонда парламент назоратини янги поғонага кўтариш имконини берадиган махсус қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Сунн Дон ГИ, Инха университети профессори (Корея Республикаси):

— Ўзбекистон қисқа давр мобайнида парламент назорати соҳасида катта натижаларга эришгани диққатга сазовор. Парламент ваколатларининг босқичма-босқич кенгайтириб борилаётгани мамлакатингизда демократик қадриятларнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди. Ўйлайманки, мазкур халқаро конференция барча иштирокчилар учун самарали бўлди, чунки бу мамлакатларимиз қонунчилигини янада такомиллаштиришга ва унинг ижроси самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган тавсиялар ишлаб чиқиш имконини берди.

Кубояма РИКИЯ, Нагоя университети ҳуқуқ профессори (Япония):

—Ўзбекистоннинг парламент назоратига оид тажрибасини ўрганиб, депутатлар, сиёсий партиялар фракцияларининг ўз сайловчилари манфаатларини ҳимоя қилишдаги унумли фаолиятини алоҳида таъкидлашни истардим. Хусусан, Ўзбекистонда Бош вазир лавозимига номзодни муҳокама қилиш ва тасдиқлаш жараёнида парламент назорати мустаҳкамлангани, шунингдек, ҳудудлар раҳбарларининг маҳаллий давлат ҳокимияти тегишли органлари олдидаги ҳисобдорлиги мустаҳкамлангани сиёсий партияларнинг мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ривожлантиришнинг муайян устуворликларини белгилашдаги ролини кучайтирди.