Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккури тимсоли

Дата публикации: Dec 06, 2017 9:13:51 AM

Асосий Қонунимиз демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, эркин бозор муносабатлари ҳамда хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Зеро, унда мамлакатимизнинг ўз олдига қўйган улкан мақсад ҳамда вазифалари, қайси моделга асосланиши, халқаро миқёсда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқ устуворлиги ҳамда демократия тамойиллари ўз ифодасини топган.

Конституциямизнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз борганда, унда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш мақсад қилингани, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият дея эътироф этилгани, жаҳон конституцияшунослик хазиналари бўлмиш — тенглик, адолат, мафкура ҳамда фикрлар хилмахиллиги, ҳокимиятлар бўлиниши, фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларидан суд қарорисиз маҳрум этиб бўлмаслиги, айбсизлик презумпцияси кабилар мустаҳкамланган-лигини таъкидлаш зарур.

Яна бир муҳим ҳамда халқаро экспертлар томонидан алоҳида эътирофини топган хусусият, бу — Конституциянинг “Ўзбекистон халқи” деб бошланишидир. Бундай жумлаларни бошқа бирон-бир ҳужжатда учратмаймиз. Шунинг ўзи ҳам халқ ҳокимиятчилигининг ёрқин далолатидир. Асосий Қонунимизда халқ суверенитети ҳам қайд этилган. Хусусан, унда “демократия” ва “демократик” сўзлари 7, “халқ” сўзи эса 24 маротаба қўлланилган.

Конституциямизнинг бу каби ўзига хосликлари халқаро экспертлар эътиборини тортиб келмоқда. Масалан, конституцияшунослар М. Стивен Фиш ҳамда М. Кроенигнинг Кембриж университетида нашр қилинган, “Миллий қонунчилик органлари учун қўлланма: глобал тадқиқот” деб номланган китобида парламентлар ваколатини баҳолашнинг 32 та предмети ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу метод бўйича 190 та давлат конституциясидаги парламентлар ваколатлари таҳлил этилган. Унга кўра, мамлакатимиз Олий Мажлиси ваколати 0,33 индекси билан Норвегия, Швейцария, Венгрия, Словакия парламентлари билан тенг натижани олган. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Нидерландия, Германия парламенти ваколатлари 0,29, Франция, Италия, Грецияники эса 0,24 ни кўрсатиб, юртимиздан бирмунча қуйидан жой эгаллаган.

Тадқиқотчилар Элкинс, Гинзбург ва Мелтон томонидан чоп қилинган “Миллий конституцияларнинг мустаҳкамлиги” номли тадқиқотда дунё конституциялари таҳлили натижасида 70 та асосий мавзунинг қамраб олиниши бўйича 190 та давлат конституцияси ҳамда конституциявий аҳамиятдаги бошқа ҳужжатлари ўрганилди. Натижада давлатимиз Асосий Қонуни Бельгия, Хорватия билан бир ўринда 0,59 натижани кўрсатган бўлса, АҚШ конституцияси 0,49, Буюк Британиянинг конституциявий аҳамиятдаги ҳужжатлари 0,43 баҳо олган.

Конституциямизнинг яна бир хусусияти унинг ихчамлигидир. Агар дунё конституцияларида ишлатилган сўзлар миқдори бўйича таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, мамлакатимиз конституцияси 190 та давлат ичида 29-ўринда турибди. Маълумотларга қараганда, жаҳонда энг кам сўз ишлатилган конституция ёки конституция ўрнини босадиган бошқа ҳужжатга эга бўлган давлатларга Монако, Исландия, Латвия ва Япония кирса, энг кўп сўз қўлланилганларига Ҳиндистон, Бразилия, Малайзия мансубдир.

Тадқиқотчилар фикрича, Конституциянинг кўп масалаларни қамраши, аввало, уни тушуниб олиш, маъносини англашда ўқувчиларга қийинчилик туғдирса, бошқа жиҳатдан, оддий қонунлар предмети бўлган масалаларнинг олий ҳужжатга киритилиши унинг аҳамиятини пасайтиради, қолаверса, энг асосийси, ҳужжатга жамият ҳамда давлат ҳаётидаги барча икир-чикирнинг батафсил киритилиши социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни ўтказишга айрим ҳолларда тўсқинлик қилиб, Конституцияни тез-тез ўзгартиришга олиб келади.

Асосий Қонунимизда мавзулар ўқувчига қулай бўлган кетма-кетликда жойлаштирилгани ҳам эътироф этилган. Айниқса, инсон ва фуқаролар асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда бурчлари алоҳида бўлимда берилиши халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланган. Тадқиқотчилар дунё конституцияларида жами 117 хил инсон ҳуқуқлари қамраб олинганлигини ҳисоблаб чиқиб, уларнинг қанчаси 190 та давлат конституциясида акс этгани бўйича таҳлил ўтказганида, Франция Конституцияси 13, АҚШ Конституцияси 35, Буюк Британия конституциявий аҳамиятдаги ҳужжати 44, Германия ва Японияникида эса 48 турдаги ҳуқуқлар қамраб олингани ҳолда, бизникида 55 турдаги ҳуқуқ ўз ифодасини топганлиги аниқланган. 190 та давлат ичида 117 та ҳуқуқнинг барчасини қамраб олган ҳужжатнинг ўзи йўқ.

Конституциямизнинг барқарорлиги унинг яна бир муҳим жиҳати ҳисобланади. Ўтган 25 йил мобайнида Асосий Қонунимизнинг устувор принциплари, фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда бурчлари, жамият ва шахс муносабатлари, маъмурий-ҳудудий ҳамда давлат тузилишига оид нормалари ўзгармади. Унга 10 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, уларнинг деярли барчаси давлат ҳокимиятини ташкил этиш билан боғлиқ. У ҳам бўлса юртимизда конституциявий принцип бўлган халқ ҳокимиятчилигини кучайтириш, давлат ҳокимиятини ташкил қилиш ҳамда фаолият кўрсатишида фуқароларнинг бевосита ва билвосита таъсирини ошириш, парламентнинг давлат ички ҳамда ташқи сиёсатидаги ролини кенгайтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза этишда одил судлов ўрнини мустаҳкамлашга оид тузатишлардир.

Келтирилганларнинг ўзиёқ дунё конституцияшунослигининг асосий қоидаларини Асосий Қонунимиз ўзида мужассамлаштирганлигини кўрсатади. Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг салоҳияти ҳамда имкониятларини ўрганишда биз, ҳуқуқшунослар олдида ҳали талайгина вазифалар турибди.

Мустақиллик йилларида ҳуқуқ соҳасида кўплаб тадқиқотлар амалга оширилгани ҳолда, -Асосий Қонунимизга бағишланганлари бармоқ билан санарли. Халқимиз қонун ижодкорлари, ҳуқуқни қўлловчи олимлардан Конституциямиз хазиналари бўлмиш “инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш”, “халқ ҳокимиятчилиги”, “ҳокимиятлар бўлиниши”, “демократия”, “демократик республика”, “ижтимоий адолат”, “давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги”, “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият”, “давлат ўз фаолиятини инсон ҳамда жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга ошириши”, “адолатли меҳнат шароитлари” каби чуқур маъноли тушунчаларнинг илмий моҳиятини очиб берадиган тадқиқот ишларини кутмоқда. Шу билан бирга, уларни қонунчилигимизга ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётига самарали татбиқ этиш даражасини ўрганиш учун илмий асосланган баҳолаш мезонларини, индикаторларини, ушбу дастуриламал тушунчаларни ҳаётимизга жорий қилишнинг самарали ҳуқуқий воситаларини ишлаб чиқиш ҳам бугунги куннинг талабидир.