Home Page‎ > ‎Notizie / News‎ > ‎

Халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар кузатувчилари учун брифинг

Отправлено 23 дек. 2014 г., 4:15 пользователем Webmaster Ambasciata

Халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар кузатувчилари учун брифинг

 

20 декабрь куни 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот марказида халқаро ва хорижий кузатувчилар учун брифинг бўлиб ўтди.

Унда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Сайлов органлари умумжаҳон ассоциацияси сайловларни кузатиш бўйича миссияларининг раҳбарлари ва вакиллари, хорижий кузатувчилар, чет эл ва мамлакатимиз журналистлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов брифинг иштирокчиларига сифат жиҳатидан янги ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий шароитларда ўтаётган бу галги сайлов кампаниясининг хусусиятлари ҳақида гапириб берди.

Тадбирда таъкидланганидек, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини татбиқ этиш доирасида, шунингдек 2009 йилги парламент сайловини ўтказиш амалиётини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизнинг Конституциясига ва сайлов қонунчилигига сайлов жараёнини янада демократлаштириш ва либераллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ Марказий сайлов комиссиясига конституциявий орган мақоми берилди. У сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни ҳокимият бошқа органларининг ҳеч қандай аралашувисиз таъминлайди. Бу сайловларнинг демократик тамойиллар асосида ўтказилиши, очиқлик ва ошкораликни ҳар томонлама таъминлашнинг яна бир муҳим кафолати бўлди.

Шунингдек, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурига қатъий мувофиқ равишда катта тайёргарлик ишлари амалга оширилганлиги таъкидлаб ўтилди. Сайлов қонунчилигини сайловчиларга кенг тушунтириш, фуқароларни сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари, депутатликка номзодларнинг ишчанлик ва маънавий фазилатлари билан таништириш, сайловчиларнинг сайловни ўтказишга тайёргарлик кўриш хабардорлиги даражасини оширишни таъминлаш бўйича самарали ишлар ташкил қилинди.

Брифинг иштирокчилари парламент сайловида иштирок этувчи сиёсий партиялар, улар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар, шунингдек парламент қуйи палатасида 15 та ўрин ажратилган Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳақида хабардор қилинди.

Брифингда таъкидланганидек, сайлов кампанияси доирасидаги барча тадбирлар очиқ ва ошкора, қонунчиликка қатъий мувофиқ равишда ўтказилмоқда.

Қонунчиликка мувофиқ сайлов куни ўз яшаш жойларида бўлиш имконига эга бўлмаган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз бериш ташкил этилди. Айрим сайловчилар саломатлигига кўра ёки бошқа сабаблар бўйича овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, уларнинг илтимосига мувофиқ участка сайлов комиссиялари овоз беришни улар турган жойда ташкил этади.

Сайлов кампаниясининг муҳим босқичи – сайловолди ташвиқоти якунланди. Сиёсий партиялар, депутатликка номзодларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда кенг ва тенг имкониятлар яратилди. Сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун текин асосда давлат теле- ва радиоканалларида тенг эфир вақти ва республика ҳамда маҳаллий босма ОАВда тенг босма майдони ажратилди. Сиёсий партиялар сайловчилар билан учрашувларини мустақил равишда ўтказиш имконига эга бўлди.

Брифингда халқаро кузатув институтининг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Ҳозирги вақтда халқаро ташкилотлардан кузатувчилар миссиялари Ўзбекистонга келиб, ўз фаолиятини амалга оширмоқда. Булар: Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Сайлов органлари умумжаҳон ассоциацияси. Марказий сайлов комиссияси томонидан Осиё, Европа, Африка, Американинг 50 дан ортиқ давлатининг 300 дан зиёд кузатувчилари рўйхатдан ўтказилди.

Марказий сайлов комиссияси сайлов куни сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот марказида 21 декабрь соат 13.00, 17.00 ва 22.00 да овоз бериш жараёни ҳақида брифингларда жамоатчиликни хабардор қилиб боради, кейинги кунда эса дастлабки натижалар эълон қилинади.

Брифингда Марказий сайлов комиссияси раиси алоҳида таъкидлаб ўтганидек, сайловда иштирок этиб ва депутатликка номзодларнинг энг муносибини танлаб сайловчилар нафақат номзодлар, балки ўз оилалари, тинчлик ва хотиржамлик, Ватанимиз эртанги куни ва равнақ топиши, Ўзбекистоннинг демократия ва тараққиёт йўлидан тез суръатларда ривожланиши учун овоз беради.

 

2014 йилги сайловларни ёритиш

бўйича Республика матбуот маркази

 

Comments